• г. Наманган, улица Ислама Каримова, дом 12
  • +998 (69) 234-14-30
post image

Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори Шарифжон Эргашевнинг Халқаро талабалар куни муносабати билан ТАБРИГИ

Ассалому алайкум ҳурматли талабалар, қадрли ёшлар!

Барчангизни 17 ноябрь — Халқаро талабалар куни муносабати билан Наманган муҳандислик-қурилиш институти жамоаси, барча профессор-ўқитувчиларимиз номидан табриклайман!

Институтимизда бугунги кунда 12 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Вилоятимиздаги олий ўқув юртлари сони ўндан ошиб кетган бўлса-да, институтимиз рақобатбардош бўлиб қолаётгани ва НамМҚИни танлаётган абитуриентлар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани бизни албатта қувонтиради.  

Талабаларимиз орасида мамлакатимизниинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасидан келган ёшлар бор. Улар сафига кейинги пайтларда чет эл, хусусан, Россия, Туркия ва Қирғизистон вакиллари қўшилди. Биз бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.

Ўз навбатида, институт профессор-ўқитувчилари, янги ташкил этилган тизим вакиллари — тьюторлар талабаларимиз аъло даражада билим олиши, бўш вақтини кўнгилли ўтказиши, институт миллий ва халқаро рейтингларда муносиб ўрин олиши учун жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

Талабаларимиз ҳам ушбу саъй-ҳаракатларга муносиб жавоб бермоқда. Турли танлов ва мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаб келаётган, ихтиролари амалиётга татбиқ этилаётган, ўқишини чет эллардаги нуфузли олий ўқув юртларида давом эттираётган юзлаб ёшларимиз бизнинг чинакам фахримиздир. Бундай муваффақиятларингиз бардавом бўлиши, турли давра ва анжуманларда мунтазам эътироф этилишингизни истаймиз.

Азиз ёшлар!

Сизларни Халқаро талабалар куни билан яна бир бор табриклаб, ўқиш ва ишларингизда омад, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, файз-барака, яқинларингиз ва бизнинг бахтимизга доимо соғ-омон бўлишингизни тилаб қоламан.

Байрамингиз муборак бўлсин!
 

  • Share :